Футбол бўйича Англия чемпионати 18-турида «Манчестер Юнайтед» жамоаси ўз майдонида «Сандерленд»га қарши баҳс олиб бориб, 3:1 ҳисобида зафар қучди. Учрашувнинг 62-дақиқасида захирадан майдонга тушган «МЮ» ярим ҳимоячиси Генрих Мхитарян қисқа вақт мобайнида 3 та голли вазият яратишга, 2 кросс амалга оширишга, 2 зарба бериб, 1 та гол уришга муваффақ бўлди.
Арманистонлик футболчи чаён услубидаги зарба билан чиройли гол киритишга муваффақ бўлди. Мхитаряннинг ўзи ушбу голни ҳаётидаги энг яхшиси бўлганини айтди.
«Бу ҳаётимдаги энг чиройли гол бўлди. Гол ургандан кейин ён чизиқ ҳакамига қарадим, лекин у байроғини кўтармади ва мен муваффақиятни нишонлай бошладим. Златаннинг узатмасидан сўнг тўп олдимга келиб тушишини кутгандим, лекин тўп ортда қолиб кетди. Товон билан зарба беришдан бошқа имкон бўлмади ва мен бу ишни бажардим», – деб Мхитаряннинг сўзларидан иқтибос келтиради «Чемпионат».
Қайд этиш керакки, гол жуда чиройли чиқиши билан биргаликда, оффсайддан урилди. Буни «МЮ»нинг собиқ, «Сандерленд»нинг амалдаги бош мураббийи Дэвид Мойес ҳам таъкидлаб ўтди.
«0:1 ҳисобида ортда бораётганимизда ҳам имкониятимиз бор эди, аммо иккинчи гол даҳшатли бўлди. Учинчи голни эса ‘МЮ’ ‘ўйиндан ташқари ҳолат’дан урди», – деб шотландиялик мутахассиснинг сўзларидан иқтибос келтирди «Чемпионат».
Маълумот учун, Жозе Моуриньо жамоаси навбатдаги ғалабадан кейин очколари сонини 33 тага етказиб, 6-ўринни эгаллаб турибди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)