Голливуд актрисаси Женнифер Лоуренс суратларда унинг юзини беркитган ҳамкасби Крис Праттдан аламини олди, деб хабар бермоқда Meduza.
«Йўловчилар» (оригинал номи — Passangers) фильмининг промо-кампанияси вақтида кинокартинада бош ролни ижро этган Голливуд актёри Крис Пратт суратга олиш майдончасидаги ҳамкасби Женнифер Лоуренс устидан ҳазил қилиб юрди.
Актёр ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Лоуренс билан тушган суратларини юклади. Аммо уларнинг барчасида актрисанинг юзи беркитилган эди.
Матбуот анжуманларидан бирида, Крис Пратт бу ишни Женнифер Лоуренснинг мухлислари кўп бўла туриб, унинг ижтимоий тармоқларда саҳифалари йўқлиги учун атайин қилганини маълум қилди.
26 ёшли актриса Жимми Киммелнинг шоу дастурида Крис Пратт олган суратларни кўриб, ундан аламини олишга қарор қилди. Лоуренс ва Киммел «Йўловчилар» фильмининг постери туширилган автобусдаги Праттнинг суратини бўяб ташлади.
Маълумот учун, Женнифер Лоуренс 2013 йили «Менинг йигитим телба» комедик кинокартинасидаги роли учун «Энг яхши актриса» номинациясида «Оскар» мукофотига лойиқ кўрилди.
2016 йилнинг август ҳолатига кўра, Женнифер Лоуренс Forbes талқини бўйича энг кўп ҳақ тўланадиган актриса деб топилганди. Крис Пратт эса 2016 йилнинг энг кўп даромад келтирган актёрлари рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)