13 декабрдан 14 декабрга ўтар тунда 2016 йилнинг охирги супер Ойини кузатиш мумкин бўлади.
NASA сайтида маълум қилинишича, ушбу табиий ҳодиса давомида Ой шу даражада ёрқин бўладики, бошқа астрономик ҳодиса — йилнинг энг кучли метеор оқимини (Геминида) четга суриб қўяди.
Шу муносабат билан «ТАСС» супер Ойга оид асосий саволларга жавоблар қидириб кўрди.
Супер Ой нима?
Ушбу астрономик ҳодиса чоғида янги Ой ёки тўлин Ой фазаси Ойнинг Ерга энг яқин келиш палласи — перигейга тўғри келади. Иккинчи ҳолатда Ой янада ёрқинроқ бўлади, янги Ой фазасида эса супер Ой нисбатан хирароқ бўлади.Шу билан бирга, олимларнинг фикрича, кўпгина одамлар супер Ойни оддий тўлин Ойдан ажрата олмайди.
«Ойнинг ўлчамидаги фарқни ҳеч ким ажрата олмайди, негаки у улканлашиб кетмайди», — деб тушунтиради буни Россиянинг етакчи астрономларидан бири, Москва Давлат университетининг П. К. Штернберг номидаги Давлат астрономия институти катта илмий ходими Сергей Попов.
Супер Ой атамасининг ўзи астрономлар эмас, мунажжимлар томонидан ўйлаб топилган. Илмий адабиётда бу ҳодиса «Ер–Ой–Қуёш тизими сигизий-перигеи» ёки «янги Ой/тўлин Ой перигеи» деб аталади.
Бу ҳодиса йилига неча марта кузатилади?
Аниқ даврийлиги йўқ.2016 йилда уч марта кузатилди (16 октябрь, 14 ноябрь, 14 декабрь), 2017 йилда эса битта супер Ойни кузатиш мумкин бўлади (3 декабрь).
Супер Ой хавфлими?
NASA мутахассислари маълум қилганидек, супер Ой инсонларнинг руҳий ҳолатида акс этмайди, оммавий тарзда уйқу бузилишига олиб келмайди, табиий офатларга сабаб бўлмайди, сув кўтарилиши ва тушишига ҳалокатли таъсир кўрсатмайди.Умуман олганда, олимларнинг қайд қилишича, супер Ой чиройли визуал эффектдан бошқа нарса эмас.
Изоҳ (0)