12 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддасига асосан, Ўзбекистон бош вазири номзодини кўрсатиш масаласи Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Конституцияга биноан, Ўзбекистон бош вазири номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Мажлис иштирокчилари бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Президентига бош вазир лавозимига ҳозирда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Арипов номзодини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
«Таъкидланганидек, Абдулла Ниғматович Арипов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти учун масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир, ташаббускор ва талабчан, янгиликка интилувчан, жонкуяр ва ватанпарвар, қуйидан юқоригача бўлган барча бўғинлардаги ижро органларини бошқаришда етарли тажриба ва салоҳиятга эга бўлган фидойи инсондир», — дейилади партия ахборотида.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.