Қозоғистондаги бошқарувнинг президентлик шакли мамлакатдаги ҳозирги шароитларга тўғри келади, шу боис айни пайтда уни ўзгартиришга ҳожат йўқ. Бу ҳақда маҳаллий телеканаллар орқали намойиш этилган «25KZ: Янги тарих» ҳужжатли фильмида мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Ўзгача шароитлар бўлганда бошқа босқичга ўтамиз. Бошқа вазифаларни ечишга тўғри келади ва халқ ўзга бошқарув шаклини сўрайди. Ана ўшанда халқ билан бирга қандай йўлдан кетишимизни ҳал қиламиз», — дея таъкидлади Қозоғистон президенти.
Назарбоевга кўра, Қозоғистондаги амалдаги давлат бошқаруви моделини мустабидлик ёки яккаҳокимлик билан таққослаш ўринсиз.
«Франциядаги президентлик ҳокимияти биздан-да кучлироқ. Биздаги ҳолатни турлича, баъзан мустабидлик ёки яккаҳокимлик тузуми деб аташади. Бу шароитларимизни тушунмаган, ҳаётимиз ҳақида ҳеч нарса билмаган ёки газеталарда ўқиганлар тўқиган сафсата. Бугунги кун учун мамлакатимиздаги ҳокимият тизими рисоладагидек», — дея таъкидлади Қозоғистон раҳбари.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.