Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти лавозимига сайлангани муносабати билан табриклади. Бу ҳақда, Оқ Ўрда матбуот хизматига асосланиб, «Газета.uz» хабар қилди.
Ўз табригида Нурсултон Назарбоев ўтган сайлов натижалари халқ фаровонлигини ошириш ҳамда халқаро майдонда мамлакат мавқеини ўстириш борасида олиб борилаётган сиёсатга Ўзбекистон халқи томонидан юксак ишонч билдирилаётганидан далолат беришини қайд қилиб ўтди.
«Ишончим комилки, Сиз қардош Ўзбекистоннинг барқарорлигини ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотларни давом эттирасиз», — дейилади табрикда.
Нурсултон Назарбоев биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлигининг ривожланишига, шунингдек, Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришга янги туртки берилганини қайд қилиб ўтди.
Қозоғистон раҳбари икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг улкан салоҳиятига эътибор қаратиб, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда конструктив мулоқот олиб боришга тайёрлигини билдирди.
«Фурсатдан фойдаланиб, мулоқотимизни Остонада давом эттириш мақсадида Сизга қулай бўлган вақтда Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этаман», — дейилади табрикнома матнида.
Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлик ва давлат фаолиятида янги муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилади.
Изоҳ (0)