Ўзбекистон давлат консерваториясида ташкил этилган 517 ва 518-сайлов участкаларида сайловчилар конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда овоз беришда иштирок этди. Бу ердаги сайлов жараёнини сиёсий партиялар, ОАВ, халқаро ташкилотлардан вакиллар кузатиб борди, деб хабар беради ЎзА.
«Мен кузатувчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўрилганини юқори баҳолайман, — деди МДҲ Ижроия қўмитасининг кузатувчилар миссияси вакили Ольга Кобякова. — Сайловолди жараёнларини ўрганиш мақсадида Самарқанд шаҳрида бўлдик. Ўзбекистонга илк бор келишим, ўзига хос гўзал ва бетакрор диёрнинг замонавий ва обод шаҳарлари мени ўзига мафтун этди. Айниқса, Самарқанддаги тарихий обидалар кишини ҳайратга солади. Тошкент шаҳридаги сайлов участкаларида сайлов жараёнини кузатдик. Сайловчилар кўтаринки кайфият билан сайловда фаол иштирок этганига гувоҳ бўлдик».
Тошкентнинг Миробод туманидаги 167-сайлов участкасига халқаро кузатувчилар ташриф буюрди.
«Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш учун келган халқаро кузатувчилар қаторида ташкилотимиз вакиллари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни билан яқиндан танишмоқда, — деди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси вакили Игорь Чамов. — Сайловда халқингизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва сиёсий фаоллигига яна бир бор амин бўлдик. Мамлакатингизга илк бор келиб, бу тарихий воқеада кузатувчи бўлиб қатнашаётганимдан хурсандман».
Изоҳ (0)