Марказий сайлов комиссиясида 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун келган бир қатор халқаро тузилмалар, хорижий мамлакатлар сайлов комиссияларининг вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашув чоғида Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов мамлакатда сайловга пухта тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълумот берди.
«Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов яратган аниқ, ишончли тизим мамлакатда тинчлик ва осойишталик, барқарорликнинг сақланишида муҳим омил бўлмоқда, — деди С. Лебедев. — Ўзбек халқи ушбу тараққиёт йўлидан оғишмай илдам бораётгани сайловларга кўрилган тайёргарлик жараёнида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Бу йилги сайловга катта тайёргарлик кўрилгани участкалар зарур жиҳозлар, ҳуқуқий адабиётлар, алоқа, компьютер воситалари билан тўлиқ таъминланганида яққол намоён бўлмоқда. Номзодларнинг сайловчилар билан видеоконференция тарзида ўтказган учрашувлари эътиборга сазовор».
Беларусь Сайлов ва республика референдумларини ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси Лидия Ермошина билан бўлиб ўтган учрашувда меҳмонга Ўзбекистон миллий сайлов тизимига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида сўзлаб берилди.
«Юртингизда сайловларнинг юқори даражада ўтишида кенг жамоатчилик — маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, хотин-қизлар қўмиталари раислари ҳам муносиб ҳисса қўшишидек эзгу анъана эътиборга моликдир, — деди Л. Ермошина. — Буларнинг барчаси сайлов кампаниясининг ташкилий, техник, ҳуқуқий жиҳатдан юқори даражада йўлга қўйилганидан, халқингизнинг ҳуқуқий маданияти юқорилигидан дарак беради».
Корея Республикаси Миллий ассамблеяси депутати Юн Санг Жик билан учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳилликда яшаб, Ватан равнақи йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Миллий сайлов қонунчилигида миллати, диний эътиқодидан қатъий назар, барча фуқароларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиши белгилаб қўйилган.
«Ўзбекистоннинг сайлов тизимига оид қонунчилиги билан яхши танишмиз, — деди Ю. Жик. — Бу тизим холислик, очиқлик, тенгҳуқуқлилик, ошкоралик каби тамойилларга асосланиши билан демократик талабларга тўлиқ жавоб беради».
Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси Арнис Симдарс билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Президент сайлови халқаро талаб ва мезонларга тўла жавоб бериши хусусида сўз юритилди.
«Сайловда Ўзбекистон халқи келажаги, мамлакат истиқболи йўлида муҳим қарор қабул қилади, — деди А. Симдарс. — Сайлов кампаниясида маълумотларнинг кўплиги юртингизда ушбу сиёсий жараённинг юқори савияда ўтиши учун зарур барча чора-тадбирлар кўрилганидан далолат беради».
Изоҳ (0)