«Одноклассники» ижтимоий тармоғи уч кун аввалги бузилишдан сўнг, 7 апрель куни ўз фаолиятини тўлиқ қайта тиклади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқнинг Twitter’даги микроблогида маълумотга таяниб kun.uz нашри хабар бермоқда.
«Барча асосий сервислар тикланди. Фойдаланувчиларга тегишли ҳеч бир маълумот йўқолгани йўқ», – дейилади хабарда. «Одноклассники» твиттерида қўшимча қилинишича, «хабарлар, гуруҳлар, билдиришномалар, лента, фотосуратлар ва ўйинлар – буларнинг барчаси аллақачон ишга тушган».
«Сайт фаолияти қисман ишдан чиқди ва биз ҳақиқатан ҳам бир неча оғир кунларни бошдан кечирдик. Камчиликлар ва уларга сабаб бўлган оқибатларни бартараф этиш учун бизга вақт керак бўлди. Биз сиз билан бирга қайғурдик ва қачон сизга: «Одноклассники билан ҳаммаси ОК!», деб ёза оларканмиз, деб дақиқа санадик», – дейилади «Одноклассники» маъмурияти томонидан Facebook’ка жойлаштирилган хабарда.
Odnoklassniki.ru сайти 4 апрель, пайшанба куни фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. «Одноклассники» матбуот котиби Мария Лапук, ижтимоий тармоқ фаолиятидаги бузилиш қурилмалардаги носозликдан келиб чиққанини маълум қилганди. Твиттердаги аккаунтида Лапук сайтга ДДоС-ҳужум уюштирилгани тўғрисидаги фаразларни рад этган эди.
«Одноклассники» ҳозирги кунда ўзбекистонлик фойдаланувчилар энг кўп кирадиган ва фойдаланадиган ижтимоий тармоқ ҳисобланади.
Изоҳ (0)