Янги йилга ҳам кам вақт қолди, демак аёллар байрам образи ҳақида ҳозирдан бош қотириши мумкин. Юзингиз байрам кечасида макияж суришга тайёр бўлиши учун уни олдиндан ниқоб ва пилинглар ёрдамида тозалаш яхши натижа беради. Агар ўз образингизни гўзаллик салонида яратмоқчи бўлсангиз, синовдан ўтган сартарошнинг қабулига олдиндан ёзилиб қўйинг. Одатда байрам арафасида сартарош ва визажистларнинг иш куни жуда тиғиз бўлади.
Ўз кучингизга таянасизми? Унда албатта қандай кўринишда бўлишингизни олдиндан аниқлаб олинг ва макияж учун барча зарур буюмлар — подводка, тен кабиларни харид қилинг.
Ундан кейин юзингизнинг қайси қисмига: кўз ёки лабларга урғу бермоқчи эканлигингизни аниқлаб олинг. Улардан бирида тўхталинг: чунки ҳаддан ортиқ ёрқин ранглар кишиларнинг ғашини келтириши мумкин.
Агар байрам оқшомида лабларингизга урғу бермоқчи бўлсангиз, биринчи навбатда уларга озиқлантирувчи балзам суринг. Кейин уларни салфетка билан намлаб, лаб бўёғи рангидаги қалам билан контур чизинг.
Бу йўл билан уларга жозиба бағишлаб, рангнинг узоқроқ туришини таъминлайсиз. Ва ниҳоят, лаб бўёғини махсус чўтка билан контурдан бошлаб марказга қараб суринг.
Кўзларга урғу бериш юзга янада кўпроқ ифода бағишловчи, бироқ бироз мураккаб макияж ҳисобланади. Дастлаб кўз атрофидаги терини идеал ҳолатга келтириш керак. Бунинг учун махсус ниқоблар ёки намлантирувчи воситадан фойдаланиш мумкин.
Шундан сўнг танлаган вариантингиздан келиб чиқиб, кўзнинг ташқи бурчагига чизиқ тортамиз (стрелка). Кейин тен сурамиз — юқори қовоқнинг ўрта қисмига очиқроқ, унинг ташқи қисмига тўқроқ.
Кўзларнинг ички бурчакларини очиқ рангдаги тен билан ажратамиз. Тен идеал даражада сурилганига ишончингиз комил бўлгандан кейингина киприкларга туш суриш мумкин.
Макияжнинг охирги босқичида лабингизга урғу бермоқчи бўлсангиз, уларга бироз ялтироқ зарралар суринг. Агар бутун эътиборни кўзларингизга қаратмоқчи бўлсангиз, ялтироқ тенлардан фойдаланинг. Улар ёрдамида Янги йил образингиз бетакрор бўлади!
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)