«Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакили С. Мансурова Конимех тумани сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ишончли вакил йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.
Дастурда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасидаги конституциявий нормаларни ҳаётга тизимли ва кенг жорий этишга устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилган. Бунда ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари ҳукм сурадиган, аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган, фуқароларнинг кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш ғоясига таянилади.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакатда ҳуқуқий таълим ва билим тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга йўналтирилган мақсадли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий соҳада муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, «яшил иқтисод»га ўтишда давлат томонидан рағбатлантиришни кучайтириш ва экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш ғоялари илгари сурилган.
Учрашувда партиянинг Конимех тумани кенгаши раиси Х. Жонхўжаев, 12-умумтаълим мактаби директори Х. Нашарова ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида фикр билдирди.
Ишончли вакил сайловчиларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.
Изоҳ (0)