Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларнинг дастурий таъминот ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича фаолияти ҳақида маълумот берди. Жумладан, ўн талабани бирлаштирувчи Fizmasoft стартапи яратилди, деб хабар беради «Mobinfo.uz».
Стартап етакчиси Шерзодбек Тожимахамматов фирма 2015 йилда ташкил топганини маълум қилди.
Стартапдан кўзланган асосий мақсад веб, мобил ва десктоп дастурий таъминотлари, шунингдек, ускуналар яратишдир. Айни пайтда жамоа бир нечта қизиқ лойиҳаларни ишлаб чиқиб, жорий этди.
Таъкидланишича, энг истиқболли лойиҳалардан бири сифатида FaceCon Access Control дастурий таъминоти кўрилмоқда. Ушбу тизим одамларнинг юзини таниш йўли билан уларга бино ёки хонага кириш имкониятини беради. Айни пайтда юзни таниш аниқлиги 99,9 фоизни ташкил этади.
FCrypte II лойиҳаси фойдаланувчиларга маълумотлар ҳажмини сиқиш ҳамда уларни криптлаш йўли билан шахсийлигини таъминлаш имконини беради. Яна бир ишланма USB-Guard деб аталиб, у махсус USB калити ёрдамида дастур ва ўйинларни ҳимоя қилади.
Fizmasoft жамоаси, шунингдек, мобил ускуналар учун Mobile Control дастурини ишлаб чиқди. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар болаларнинг девайслардан фойдаланишини назорат қилиши мумкин.
Шерзодбек Тожимахамматов ушбу лойиҳаларнинг айримлари расмий релизга эга эканлиги ҳамда корхона ва ташкилотларда жорий этилганини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)