Қишнинг совуқ кунларида грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликлар билан хасталаниш бирмунча ошади. Ўзбекистон аҳолиси ўртасида ҳам мавсумий грипп билан касалланиш учраб турибди. Бундай беморларга ўз вақтида самарали тиббий ёрдам кўрсатиш баробарида ушбу касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, деб ёзади ЎзА.
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика грипп миллий маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Раҳимов билан суҳбати шу мавзуга бағишланди.
– Грипп юқумли вирусли касаллик бўлиб, об-ҳавонинг ўзгариши билан қўзғалиш ва тез тарқалиш хусусиятига эга. Ҳозирги кунда гриппнинг мавсумий A ва B турлари учрамоқда.
Одамлар орасида грипп ва бошқа ўткир юқумли касалликлар вируслари совуқ ҳавода ҳалок бўлади, деган гап юради. Бу нотўғри тушунча. Грипп вируси совуққа анча чидамлидир. Унинг асосан ҳаво томчи йўли билан юқиши тарқалиш хавфини янада оширади. Бу касаллик иммунитети паст, сурункали хасталиги бор беморлар, кекса ёшдагилар, ҳомиладор аёллар ва болаларда оғирроқ кечиши мумкин. Шу боис бундай хасталик ўз вақтида аниқланиб даволанса, гриппдан кейинги асоратларнинг олдини олган бўламиз.
Шу мақсадда тиббиёт, таълим, мактабгача таълим муассасаларида кенг қамровли профилактика ишлари амалга оширилмоқда. Гриппга қарши эмлаш тадбирлари белгиланган режа асосида ўтказилмоқда. Мактабгача таълим муассасалари, мактаб, коллеж ва лицейларда эрталабки тиббий таҳлил олиб борилгани, грипп аломатлари аниқланганларга шу ернинг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Грипп билан хасталанган беморларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шифохоналарда қўшимча ўринлар ва дори-дармон захиралари яратилган. Эмлаш ҳар қандай юқумли касалликка қарши курашнинг энг самарали усулидир. Бу жараёндаги тизимли ишлар натижасида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кексалар, тиббиёт ходимлари бюджет маблағлари ҳисобидан гриппга қарши эмланди.
Респиратор касаллик белгилари ва ҳарорат кўтарилиши кузатилганда зудлик билан ҳудуддаги оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига қўнғироқ қилиб, шифокорни уйга чақириш тавсия этилади. Бугунги кунда барча бирламчи тиббиёт масканларида фаолият юритаётган умумий амалиёт шифокорлари бундай беморга бирламчи ёрдам кўрсатиш борасида етарли билим ва малакага эга.
Яратилган ана шундай замонавий шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига баъзи инсонлар грипп билан касалланганда ўз билганича турли препаратлар, айниқса, антибиотик дорилар ичишга одатланган. Бу мутлақо нотўғри. Антибиотик дорилар ёки парацетамол ва бошқа препаратлар грипп вирусига таъсир ўтказолмайди. Уларни ичгач, беморнинг ҳарорати тушиб, аҳволи бироз ўнгланиши мумкин. Аммо организмда вирус кўпайиши давом этаверади. Бу жараён қанча чўзилса, инсон организмида шунчалик оғир асорат қолдиради. Хусусан, нафас йўллари, ўпка, асаб тизимлари, юрак, буйрак каби аъзоларга зиён етади. Бу хасталик шифокор назорати остида вирусга қарши препаратлар ёрдамида даволансагина яхши самара беради.
Изоҳ (0)