17 ноябрнинг эътиборга молик янгиликлари — «Дарё»нинг кечки дайжестида.
1. Тошкентнинг «Локомотив» клуби мамлакат тарихида илк бор чемпионликни қўлга киритди. Бу йўлда у билан рақобат олиб бораётган «Бунёдкор» ўз майдонида «Навбаҳор»ни енга олмагач, чемпионлик масаласи ҳал этилди.
2. «Адолат» Президентликка номзодининг сохта саҳифалари пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирди. Бу каби тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида партия ўз номзодининг расмий саҳифаларини ҳавола қилди.
3. Ҳиллари Клинтон президент сайловларидаги мағлубиятидан кейин биринчи марта омма олдига чиқди. У Вашингтондаги журналистика музейида Американинг Болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси йиғинида нутқ сўзлади.
4. Ўзбекистонлик 19 ёшли йигит Dota 2 компьютер ўйинидан ҳозирга қадар 100 минг АҚШ долларига яқин пул ишлади. Dota 2 ўйинининг дунё рейтингида ўзбекистонлик Акбар Тўраев 9-ўринни эгаллаб турибди.
5. Моненинг «Пичан ғарами» сурати француз мусаввири асарлари учун рекорд суммага сотилди. У Нью-Йоркда бўлиб ўтган Christie’s аукцион уйи кимошди савдосида ушбу француз мусаввири асарлари учун рекорд сумма — 81,4 миллион долларга сотилди.