14 ноябрь куни «Истиқлол» санъат саройида хонанда Жасур Умировнинг яккахон концерти старт олди, деб ёзган «Даракчи», кейинроқ дастурга ўз муносабатини билдириб ўтди.
Нашрга кўра, мухлислар Жасур Умировни қанчалик севишини залдаги муҳитдан англаш қийин эмас. Бироқ концертга журналист сифатида ташриф буюрилгани учун айрим эътирозлар пайдо бўлган.
«Бир кунда 12 та қўшиқ ёзган санъаткорни эшитганмисизлар», — деб мақтанган Жасур Умиров. Бу хонанданинг масъулиятсизлигими, деб фикр билдирган нашр. Анча олдин эълон қилинган концерт дастури учун наҳотки бир кунда қўшиқлар ёзиб ташланган бўлса?
«Умиров дастури давомида мухлислар билан мулоқотга киришга, уларнинг кўнглидан янада чуқур жой олишга урунар экан, ўзи билмаган ҳолда кўплаб хатолар қилди. Бунга яхшилаб тайёргарлик кўрмаганлиги сабабли жумлалари бир-бирига қовушмади. Эҳтимол, бу хонанданинг ҳарактерига хос бўлган ҳолатдир, бироқ саҳнада кўча тилида сўзлашиш, гапларни узуқ-юлуқ гапириш санъаткорнинг маданиятига мутлақо тўғри келмайди, деган фикрдамиз».
«Иккинчидан, хонанда залдаги тартибни сақлаб турган қўриқчиларга мухлислар эркинлигини чегарамасликни ва сарой саҳнасининг бир қавати улар учун мўлжаллаганини маълум қилди. Бундан фойдаланган томошабинларнинг бир тўдаси саҳнани бутунлай эгаллаб олди. Натижада ўриндиқларида ўтирган томошабинларга саҳна деярли кўринмай қолди», — дейилган фикрда.
Маълумот учун, Жасур Умиров 15 ва 16 ноябрь кунлари ҳам концерт беради.
Изоҳ (0)