Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов Football Channel Asia талқинига кўра Европанинг топ лигаларида тўп сураётган осиёлик футболчилар орасида иккинчи натижани қайд этган. Нашр бунда 70 нафар футболчининг октябр ойидаги кўрсаткичларини инобатга олган.
Қайд этилишича, айнан шунча осиёлик футболчи Европанинг топ чемпионатларида тўп суради. Яна 100 га яқини эса нисбатан кучсизроқ чемпионатларда ёки кучли чемпионатларнинг қуйи лигаларида тўп суради. Football Channel Asia топ лигалар сифатида Англия, Испания, Италия, Германия, Франция, Голландия, Россия, Бельгия, Швейцария ва Португалияни саралаб олган.
Мана шу лигаларда ҳаракат қилаётган осиёликлар орасида Виталий Денисов октябр ойи якунига кўра иккинчи натижа қайд этди. У 1 ой ичида «Локомотив»нинг Россия Премьер-Лигаси доирасидаги 4 та ўйинида иштирок этди ва ўзининг ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турди. Шунингдек, иккита беллашувнинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритди.
Бу борада энг яхши натижани Германиянинг «Аугсбург» клубида тўп сураётган Ку Жа Чол қайд этган. Унинг «Бавария» дарвозасига урган голи очколарининг ошиб кетишига сабаб бўлди. Кучли бешликдан «Саутгемптон» вакили Майа Ёшида, «АЗ Алкмаар» футболчиси Алиризо Жаҳонбаҳш ва «Ҳеренвен» шарафини ҳимоя қиладиган Ризо Ғужчанажод ўрин олди.
Изоҳ (0)