Филиппин денгизида жойлашган АҚШ ҳимоясидаги Палау ороли ҳамда Буюк Британиянинг денгиз ортидаги Монсеррат ҳудудида Зика вируси аниқланганидан сўнг, ушбу касаллик қайд этилган мамлакат ва ҳудудлар сони 75 тага етди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Соғлиқни сақлаш халқаро ташкилотининг ҳафталик бюллетенида қайд этилишича, 2007 йилдан буён 75 мамлакат ва ҳудуд Зика вирусининг чивинлар томонидан тарқатилиши ҳақида маълум қилди. Шулардан 69 таси 2015–2016 йилларда қайд этилган.
Жорий йилнинг февраль ойидан буён 12 мамлакат – АҚШ, Канада, Аргентина, Перу, Чили, Франция, Германия, Италия, Испания, Голландия, Португалия ва Янги Зеландия Зика вирусининг инсондан инсонга ўтиши ҳақида маълум қилган.
26 мамлакат ва ҳудуд расмийлари Зика вирусига чалиниш оқибатида микроцефалия ҳамда марказий нерв системасининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатлар ҳақида Соғлиқни сақлаш халқаро ташкилотига хабар берган. 19 мамлакат вакиллари эса Гиен-Барре синдроми ҳолатлари ошиб кетиши ҳақида таъкидлаган.
18 ноябрь куни Женева шаҳрида Зика вируси, микроцефалия ва бошқа неврологик бузилишлар бўйича фавқулодда қўмитанинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.