Россиянинг «Sports.ru» нашри шарҳловчи Василий Уткин «Матонатли» сериалида бош ролни ижро этиш арафасида тургани ҳақида маълумот берди. Бу таклиф «Матч ТВ» канали продюсерларидан чиққани айтилган.
Василий Уткин футбол шарҳларининг бирига ширакайф ҳолатда ташриф буюргани ва унинг ярмида пинакка кетиб қолгани учун ишдан бўшатилганди. Айни вақтда томонлар ҳамкорликни давом эттириш масаласини кўриб чиқмоқда.
Уткин сериал ғоясини берибгина қолмай, унга сценарийни ҳам ўзи ёзди. Ҳозирча сериал синопсиси тайёр ҳолга келган бўлиб, унинг ҳар бири ярим соатлик 24 сериядан иборат бўлиши айтилган. Василий Уткин бош қаҳрамон сифатида ўз-ўзини гавдалантиради.
Синопсисда шарҳловчининг якунига етмай қолган ўша шарҳдан кейин ишдан кетиши воқеалари тасвирланиши кўрсатилган. Сериал давомида Уткин 2018 йилги Жаҳон Чемпионатига қадар ишга қайтиши керак бўлади. Бу вақтда унинг ҳаётида никоҳдан ташқари туғилган қизалоқ пайдо бўлиб қолади ва бу вазиятни янада чигаллаштиради.
Уткиннинг ўзи бу ҳақда маълумот беришни истамаган бўлса ҳам, ўз вақтида Александр Цекало билан ҳамкорликда «Чоршанба» сериалини суратга олган Руслан Сорокин «Матонатли»га продюсерлик қилиши маълум.
Аввалроқ «Матч ТВ» телеканали бош продюсери Тина Канделаки Уткин билан муносабатлар тикланиши мумкин эканини инкор этмаганди. Қайд этиш керак, шарҳловчи 2016 йилнинг февраль ойида ўз вазифасидан озод этилганди.
Изоҳ (0)