Индонезия пойтахти Жакартада Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнлари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда кўзга кўринган сиёсат, фан ва жамоат арбоблари, Индонезия парламенти вакиллари, мамлакат Омбудсмани офиси ва Гунадарма университети ходимлари иштирок этди.
Иштирокчиларга Президент сайловида иштирок этаётган номзодлар ҳақида маълумот берилди. Орасида Ўзбекистонга таклиф этилган кузатувчилар ҳам бўлган қатнашчилар Марказий сайлов комиссияси Президент сайловига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган кенг миқёсли ишларни юксак баҳолади, бу каби муҳим сиёсий тадбирда иштирок этиш уларга Ўзбекистоннинг мамлакатни янада демократлаштириш ва сайлов тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича тажрибаси билан танишиш имконини беришини таъкидлаб ўтди.
Индонезия Халқ вакиллари палатаси қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик, балиқчилик ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масалалари бўйича қўмитаси аъзоси Маҳфуз Сиддиқнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ривожланган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан ишонч билан бормоқда. Унинг фикрича, буни Президент сайловига кетаётган ҳар томонлама тайёргарлик кўрсатмоқда.
Шунингдек, у Ўзбекистонда ўтказилган иккита сайловда иштирок этган ва ҳар сафар сайлов тизимининг босқичма-босқич ривожланишига гувоҳ бўлганини қайд қилиб ўтди. Ўзининг 2014 ва 2015 йиллардаги парламент ва Президент сайловидаги иштироки ҳақида гапирар экан, эксперт сайлов ташкил этилишини ҳамда сайлов участкаларининг зарур шароитлар ҳамда қулайликлар билан таъминланиш даражасини юқори баҳолади.
«Ўзбекистонда сайлов жараёни энг яхши демократик анъаналар ва илғор хорижий тажрибани қўллаш йўли билан такомиллаштириб борилмоқда, бунга бир неча бор гувоҳ бўлганман», — деди Маҳфуз Сиддиқ.
«Ўзбекистонда мамлакатдаги ушбу муҳим сиёсий воқеани демократик принципларга таянган ҳолда ўтказиш учун зарур барча шароитлар ва ҳуқуқий асослар яратилган», — деди Индонезия Омбудсман институти раиси Амзулиан Рифаи.
У 20–21 октябрь кунлари Тошкентда ўтган «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар» мавзуидаги халқаро конференциядаги иштироки чоғида Ўзбекистоннинг қонунчилик соҳасидаги ислоҳотлари, шунингдек, мамлакатнинг бу соҳадаги ютуқлари билан танишиш имкониятига эга бўлганини айтди.
Гунадарма университети ректори Эко Шри Маргианти Ўзбекистон Президенти сайлови мамлакат ҳуқуқий ва сайлов тизимларини такомиллаштириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлишини таъкидлаб ўтди. Маргианти хоним Ўзбекистонда сайлов тизимини босқичма-босқич такомиллаштиришга, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнида фаол ва эркин иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилишини айтди.
Изоҳ (0)