Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП)дан Ўзбекистон Президентлигига номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати — ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.
«1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996—2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001—2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди», — дейилади ЎзЛиДеП ахборотида.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995—2003 йилларда Олий Мажлис депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
«Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслакдоши сифатида самарали фаолият олиб бормоқда», — дейилади партия ахборотида.
***
2016 йил 8 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.
Шавкат Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, беш нафар набираси бор. Рафиқаси З.М. Ҳошимова — мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи, айни пайтда уй бекаси.
Шавкат Мирзиёев «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)