3 ноябрь куни Ўзбекистон Президентлигига «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Андижон вилоятидаги сайловчилар ва кенг жамоатчик билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га ЎзМТДП Андижон кенгаши ахборот хизмати маълум қилди.
Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Учрашув Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Садбар Мамитова иштирокчиларга Сарвар Отамуратовни таништирди ва унинг таржимаи ҳолига тўхталиб ўтди.
Президентликка номзод С. Отамуратов сўзга чиқиб, сайловчиларни сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан таништирди.
Аввало номзод Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг мақсади — миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, ички сиёсатда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, халқ фаровонлигининг ошиши, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва мақсадли илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитишдан иборат эканлигини алоҳида эътироф этди.
Шундан келиб чиққан ҳолда сайловолди дастурида миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича давлат дастурлари қабул қилиш ҳамда комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Айниқса, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва оилавий тадбиркорлик яхши йўлга қўйилган Андижон вилоятида ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, янги, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, истиқболли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловларда имтиёзлар бериш йўли билан маҳаллий саноат самарадорлигини янада ошириш муҳим масаладир. Миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлардан муҳофаза этиш, қулай ва жозибадор сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш, давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлаш орқали уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, ички хусусий инвестицияларни миллий иқтисодиётга йўналтиришни янада кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Сарвар Отамуратов сайловолди дастурида устувор вазифа этиб белгиланган.
«Булар бугунги кунда 47 та йирик саноат корхоналарига эга бўлган Андижон вилояти учун жуда муҳимдир. Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналардан 38 таси енгил саноатда, 18 таси автомобилсозликда, 17 таси хизмат кўрсатишда, бештаси озиқ-овқат соҳасида, тўрттаси электротехника, тўрттаси кимё соҳасида, бештаси пойабзал, 12 таси савдо, бештаси фармацевтика соҳаларида фаолият юритмоқда. Андижон вилоятида жорий йил биринчи ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот 95,5 фоизга, ҳудудий саноат 137,3 фоизга ўсган. Шундай экан, истиқболли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловларда имтиёзлар беришни янада кенгайтириш вақти келди», — деди С. Отамуратов.
Шунингдек, Президентликка номзод Сарвар Отамуратов Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодира, Абдулҳамид Чўлпон, Саида Зуннунова, Комил Яшин, Муҳаммад Юсуф каби буюк дарғаларга бешик бўлган Андижон вилоятида давлат тили масаласини кўтарди.
Номзод таъкидлаб ўтганидек, тил миллатнинг энг олий қадриятидир. Шундан келиб чиқиб, қадимий ва бой тарихга эга бўлган, мустақиллик туфайли қадр-қиммати тикланган, ҳозирда кечаётган глобаллашув даврида замонавий тараққиётнинг барча соҳалари талабларига жавоб берадиган даражада имкониятга эга бўлган ўзбек тили ривожини янги босқичга кўтариш учун давлат тилини бойитиш, янада такомиллаштиришга, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришиш, тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш зарур.
Хусусан, Андижон вилоятида ҳам давлат тилининг қўлланилиши ва унинг қоидаларига риоя этилишида муаммолар бор. Буни партия вилоят ташкилоти ва партия гуруҳи ҳамкорлигида вилоятда «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг ижросини ўрганиш натижасида аниқланган камчиликларда кўриш мумкин. Кўчаларда жойлаштирилган ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, маҳаллий ОАВда ҳали ҳамон ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари қўпол бузилмоқда.
Албатта, учрашувда номзод дастуридаги вазифалар, у билдирган фикрлар иштирокчиларни бефарқ қолдирмади. Бирин-кетин сўз сўраб чиққан андижонлик сайловчилар сайловолди дастури юзасидан ўз муносабатларини билдирди.
Сайловчилар қайд этиб ўтганидек, номзод илгари сураётган тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Бунинг натижасида фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллайди. Шунингдек, С. Отамуратовнинг замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш таклифи ҳам долзарб вазифалардан биридир.
Учрашувда номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб Бўз туманидаги 1-умумтаълим мактаби директори Ю. Азимова, Андижон банк коллежи директори ўринбосари К. Зайнабиддинов ва бошқалар сўзга чиқди.
Учрашув сўнгида С. Отамуратов иштирокчилар томонидан сайловолди дастури юзасидан берилган барча саволларга жавоб берди.
Изоҳ (0)