Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг сайловолди ташвиқоти доирасидаги навбатдаги учрашуви 3 ноябрь куни Фарғона вилояти сайловчилари билан бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Риштон тумани ҳокимияти фаоллар залида очиқ ва жонли мулоқот руҳида ўтказилган тадбирда бевосита 200 нафарга яқин, онлайн тизими орқали туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан 4300 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Уларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, «Адолат» СДП аъзолари, журналистлар жам бўлди.
Учрашувни халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Ш. Каримов очиб берди. Номзоднинг ишончли вакили Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси М. Холдоров йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Н. Умаров ўз маърузасида аввало вилоят аҳлининг мамлакатда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларидаги ҳиссаси ҳақида гапирар экан, шаҳар ва туманларда барпо этилган кўркам бинолар, спорт иншоотлари, саноат корхоналари, замонавий таълим муассасалари, янги кўчалар Фарғонага ўзгача кўрк ва файз бағишлаб турганлигини эътироф этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловчиларга ўз сайловолди дастурида илгари сурилаётган ғоя ва таклифлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Қайд этилганидек, дастурда «Ижтимоий тенглик — тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир» деган тамойилга таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатидан келиб чиққан ҳолда муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш ғояси илгари сурилмоқда.
Н. Умаров Фарғона вилояти республикада аҳолиси ва меҳнат ресурслари энг кўп бўлган ҳамда шунга мутаносиб равишда тадбиркорлик соҳаси ривожланган ҳудуд эканлигига сайловчилар эътиборини қаратар экан, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг барчаси ҳам ўз қўл остидаги ходимларини меҳнат шартномаси асосида, муносиб иш шароитлари яратган ҳолда ишлатмаётганлигини таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, номзод иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, у билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмагани, ходим меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани ва уларни бузганлиги учун иш берувчилар жавобгарлигининг кучайтирилишини таъминлаш тарафдори эканлигини билдирди.
Наримон Умаров иштирокчиларнинг саволларига жавоб бериб, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясидаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.
Тадбирларда «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб Фарғона политехника институти катта ўқитувчиси Ш. Аббасова, Фарғона перинал маркази бош шифокори Р. Сулайманова, Фарғона давлат университети қошидаги 2-сонли академик лицей директори Ф. Абдуллазов ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, вилоят аҳолисини 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)