Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган «Олтин куз» халқаро санъат фестивали бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фестиваль 28 октябрдан 3 декабргача Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари — «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори Ф. Жўраев ва бошқалар очилиш маросимида иштирок этди.
«Олтин куз» халқаро санъат фестивали Ўзбекистон давлат консерваториясида таниқли фортепяночи, Я. Витола номидаги Латвия мусиқа академиясининг кафедра мудири, профессор Юрис Калнциемснинг маҳорат дарси билан бошланди. Дастур давомида Швейцария, Франция, Латвиядан келган ёш истеъдодли солистлар Илва Вера Эйгус, Аврора Гехтер, Карлис Буковскис ҳамда ўзбек дирижёри Алибек Кабдураҳмонов иштирокида симфоник оркестр концерти бўлиб ўтди.
Фестиваль дастури кенг қамровли. Хусусан, россиялик Владимир Горбик (дирижёр), Владимир Свердлов-Ашкенази (фортепьяно), Игорь Кальнин (скрипка), исроиллик Юрий Гандельсман, АҚШлик Сеннет Рошелл (фортепьяно) каби машҳур санъаткорлар иштирокида маҳорат дарслари, Ўзбекистон ижодкорлари билан биргаликда концертлар ўтказиш режалаштирилган.
«‘Ўзбекистон’ халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри билан ҳамкорликда ўтказиладиган италиялик машҳур хонанда Тото Кутуньо, таниқли итальян опера солисти Алессандро Сафинанинг концерти кўпчиликда қизиқиш уйғотиши шубҳасиз», — дейилади хабарномада.
Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси ва фолклор-этнографик жамоалар томонидан ҳам қатор тадбирлар ташкил этилади. Дуторчилар ансамбли ва «Мақом» ансамбли «Туркистон» саройида, фолклор-этнографик жамоалар вилоят марказларида концерт беради. Ўзбек Миллий академик драма театри, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон академик рус драма театри, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри ва Ўзбекистон ёшлар театри Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ижодий сафар қилади.
Изоҳ (0)