Туркия армияси «Фрот қалқони» операцияси давомида Сурия шимолида бир сутка ичида артиллерия ва танклар ёрдамида ИШИД экстремистик гуруҳининг 64 та объектини йўқ қилди. Бу ҳақда Туркия Бош штабига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Хабарда таъкидланишича, бутун операция давомида Сурия шимолидаги 155 та аҳоли пункти террорчилардан озод этилди. Умумий майдони 1260 квадрат километрни ташкил этувчи ҳудуд эса Сурия озодлик армияси назоратига ўтди.
Туркия Бош штабининг қайд этишича, ҳарбий-ҳаво кучларининг ИШИДга тегишли бешта объектига зарба бериши оқибатида 6 террорчи йўқ қилинди.
Туркия армияси 24 август куни ИШИДга қарши «Фрот қалқони» операциясини бошлаган эди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, операциянинг мақсади 5 минг квадрат километр ҳудудни террорчилардан тозалаб, муҳожирлар учун хавфсиз ҳудуд яратишдан иборат.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)