Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига муаммолари тезда ҳал қилинаётгани учун юртдошлар миннатдорлик хатлари жўнатмоқда, дейилади ЎзАда чоп этилган мақолада.
«Бугун Ўзбекистон ҳукумати порталида фаол ишлаётган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига юртдошларимиздан муаммолари, ариза ва шикоятлари тезда ҳал қилингани учун миннатдорлик хатлари, ҳаётий таклифлар келиб тушмоқда», — дейилади материалда.
Янгийўллик Алишер Турсунов шу йил бошида туман Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссияси ўтказган танловда ғолиб бўлиб, 38 гектар ерда «Бахт Камол Эрки» фермер хўжалигини ташкил этган. Фермернинг айтишича, бу йил ғалла шартномасини 110 фоизга бажариб, нияти ғалланинг пулига кичикроқ бир трактор сотиб олиш эди. Бироқ «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги «Ғалла-Алтег» акциядорлик жамияти фермер хўжалигининг 50 миллион сўм пулини бермай, тадбиркорни уч ой сарсон қилган.
«Шу уч ой ичида деярли барча ваколатли ташкилотларнинг ишонч телефонига қўнғироқ қилдим, фойдаси бўлмади, бу ёқда ерни ҳайдаб берган тракторчилар кунора уйимга келиб пулини қистайди, — деди фермер. — Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаатимдан сўнг уч ойда битмаган ишимни уч кунда ҳал қилиб беришди: кўнглим тоғдай кўтарилиб кетди, тракторчилардан ҳам қарзимни уздим. Бу виртуал қабулхона биз, тадбиркорлар учун суянч тоғи бўлмоқда, бу бизни янада катта куч-ғайрат билан ишлашга ундамоқда».
Сурхондарё вилояти Шеробод туманидан Гулихон Вафоева 6 октябрда жўнатган хатида шундай ёзади:
«Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Бош вазири. Сизга уч масала бўйича амалий ёрдам сўраб, ариза ташлагандим: оилавий, қишлоқ шароити ва Ucell компаниясида мобил алоқа яхши эмаслиги ҳақида. Мутасаддилар келиб, оилавий ва қишлоқ хўжалиги масалаларини ҳал қилиб берди. Ucell компанияси вакиллари қишлоғимизга антенна ўрнатиш бўйича ишларни бошлаб юборди. Қишлоқда яшаётган биздек оддий фуқароларнинг дардига қулоқ тутиб, масалаларимизни ҳал этиб бераётганингиз мисолида сизнинг Биринчи Президентимиз ғояларига нақадар содиқ эканингизга амин бўлдик».
Яна бир мисол: Бухоро вилояти Олот туманида истиқомат қилувчи Норжон Сафарова яқинда дўкондан икки қоп ун сотиб олган. Айтишича, аввало, пластик карточка орқали савдо қилгани учун унга унни қимматроқ сотишган. Боз устига, биринчи нав деб берилган ун анча сифатсиз бўлиб чиққан. Сафарова дўкондор билан келишолмагач, адолат излаб туман солиқ идорасига борган. У ерда аёлга Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ишонч телефонига мурожаат қилишни айтишган. Қўмитанинг ҳудудий бошқармасидан Норжон опани Олот тумани давлат санитария-эпидемиология назорати марказига юборишган. Бу ерда Сафарова сифатсиз унни лаборатория текширувидан ўтказиб, шу хулоса асосида судга мурожаат этиши керак эди. Икки қоп ун келтирган шунча даҳмазадан боши гангиган аёл «икки қоп унга куйдим-да», деб уйига қайтаркан, телевидение орқали Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси ҳақида эшитиб қолган.
«Дарҳол 10-00 қисқа рақамига мурожаат қилдим, масала тезда ҳал бўлди, — деди Сафарова. — Ишим-ку битди, лекин ўйлайман-да: одам ҳатто айтишга хижолат бўладиган шундай кичик масалани Бош вазир даражасигача олиб бориш керакми? Шуларни туман доирасида ҳал қилса бўлмайдими? Бунга нима халал беради? Ҳаммага маълум гап: қуйи бўғинлардаги айрим раҳбару ходимлар қоғозда гўё ҳамма масалани ҳал қилаверар, бу муаммолар аслида ҳаётда ечилмай ёки аҳвол ўзгаришсиз қолаверарди. Энди ҳеч ким бундай қилолмайди. Чунки Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси мамлакатимизнинг барча жойидаги асл вазиятни ойнадай кўрсатиб бермоқда».
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Texygen» МЧЖ Россияга ип-калава маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартнома имзолаган. Шу йил 1 октябрда «Агробанк»нинг Марғилон шаҳар филиали ва Фарғона вилояти божхона бошқармаси уланган ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимида юз берган носозлик туфайли экспорт тўхтаб қолган.
«6 октябрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эдик. Банк ва божхона ходимларининг хизматлари туфайли 7 октябрда корхонамиздан 42 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди. Тезда амалий ёрдам кўрсатиб, хорижий ҳамкорлар олдида юзимизни ёруғ қилгани учун Ўзбекистон Бош вазиридан миннатдормиз», — дейилади Texygen директор ўринбосари Авазхон Мўминовнинг жўнатган хатида.
«Маҳалламизда цемент қоплаш ишлари бажарилаётгани оқибатида зарарли чангдан ён-атрофдаги 40–50 хонадон аҳли, айниқса, фарзандларимизнинг тез-тез аллергия бўлишидан азият чекаётган эдик. Бир йил давомида жавобсиз қолган аризамизни беш кунда ҳал қилиб бергани учун барчамиз Бош вазиримиз Шавкат Мирзиёевдан миннатдормиз. Экология соҳаси ходимлари келиб, бу муаммога чек қўйди», — дея хат йўллаган Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Музаффар Абдураҳмонов.
«2014 йилдан бери ҳовлимнинг кадастр ҳужжатини қилолмаётган эдим. Виртуал қабулхонага мурожаатимдан бир кун ўтиб, уйимга туман кадастр хизмати ходимлари келиб, ҳовлимнинг кадастр ҳужжати тайёр эканини айтди. Бу портал – чин маънода халқ минбари, муаммолар ва уларнинг ечими акс этадиган кўзгу бўлмоқда. Бунга ўз ҳаётимда амин бўлдим», — деб миннатдорлик хати йўллаган Тошкент шаҳри Миробод туманида истиқомат қилувчи Саида Содиқова.
Чирчиқ шаҳридан Темур Киндус шундай ёзади:
«4 октябрда ‘Ўзсаноатқурилишбанк’ АТБ Чилонзор филиали ходимларининг миллий валютани хорижий валютага конвертация қилиш бўйича берган рад жавоби юзасидан қилган мурожаатим эртаси куниёқ ҳал бўлди. Муаммоларга шундай тез суръат билан самарали ечим топишга хизмат қилаётган виртуал қабулхонага раҳмат айтаман».
Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига коммунал соҳадаги муаммолар ҳал этилгани боис кўплаб миннатдорлик хатлари келмоқда. Хусусан, мурожаатдан сўнг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи Дилшод Абдувалиев, Миробод туманида истиқомат қилувчи Ойтўла Солиҳова хонадонларида газ таъминотидан нотўғри ҳисобланган катта миқдордаги қарздорлик бекор қилинди. Олмазор туманида яшовчи Марваридхон Ибрагимова «Катта раҳмат, прокуратура ходимлари электр таъминотини тиклашга ёрдам берди. Ҳар қандай мурожаат ниҳоятда тезкорлик билан ўрганилиб, муаммолар бартараф этилмоқда», деб ёзса, «Бундай тезкорлик ва ҳозиржавобликка қойилмиз! Шикоятимиз дарҳол ўрганилиб, муаммо барҳам топди: ҳовли саҳни тоза, озода, ҳамма ахлат олиб ташланиб, ён-атроф тартибга келтирилибди. Барчаси учун катта раҳмат!», дея раҳмат йўллаган чилонзорлик Анастасия Ли.
Бухоро тумани Шергирон қишлоқ фуқаролар йиғинидан Нигинабону Бақоева шу йил 25 сентябрда юборган мурожаати асосида иш билан таъминланди. Фарғона шаҳридан Рўзматжон Аҳмедов «мурожаатимдан сўнг мени Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонасига чақиришиб, яқин кунларда иш берилишини айтишди. Ишга киришимдан ҳам кўра, Бош вазиримизнинг биздай оддий фуқароларнинг мурожаатига шундай юксак эътиборидан беҳад қувондим», деб ёзади.
Хоразм вилояти Урганч туманидан Ойбек Эрназаров ҳам ёрдам сўраб ёзган мурожаати эътиборга олингани учун бир умр миннатдор эканини ўз хатида таъкидлаган:
«Бугун уйимизга ҳокимиятдан мутасаддилар келиб, синглимни тез орада Тошкентга юбориб, жарроҳлик амалиёти ўтказишда ёрдам беражакларини айтиб кетди. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз».
Виртуал қабулхонага мурожаатидан сўнг Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи Шаҳрибону Ахтамовани Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига чақириб, санъатда ўз йўлини топишига ёрдам кўрсатишга ваъда беришди.
Термиз шаҳридан Отабек Нормуродов, Навоий вилояти Кармана туманидан Дилбар Мугинова каби тадбиркорлар Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевга шу йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулк ҳимояси, унинг дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик ривожидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилишини айтиб, самимий миннатдорлик изҳор қилган.
Чилонзорлик «Камолот» ЁИҲ фаоли Диляра Мельдебекова мамлакатнинг қатор шаҳарларида янги кўп қаватли турар-жойлар барпо этиш борасидаги хайрли ташаббус, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг С. Сирожиддинов номидаги академик лицейи ўқувчиси Тўра Тўраев лицей ёшлари номидан давлатнинг навқирон авлод камолотига кўрсатаётган юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирган. Улар орасида Учтепа туманидаги 44-мактабнинг 5-синфида ўқиётган Эмир-Асан Боқиевнинг Ўзбекистон Бош вазирига ёзган хати эътиборли: «Бугун Сизнинг Сергели туманидаги мактаблардан бирига борганингизни эшитиб, синфдошларим билан шу хатни ёзишга келишдик. Барчамиз Сизнинг мактабимизга келишингизни жуда хоҳлардик. Мен сурат чизишга жуда қизиқаман. Сентябрда ‘Самарқанд’ картинасини чиздим. Агар мактабимизга келсангиз, шу суратни Сизга совға қилмоқчи эдим».
Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидан Ринат Аброров ўз хатида шундай ёзади:
«2016 йил 29 сентябрда дадамнинг умумий аҳволи ва уни мунтазам даволаб келган врачлар ҳақида ёзганман. Мурожаатим текширилганда, билдимки, Хоразм вилояти онкология диспансерида ҳақиқатан ҳам кимёвий препаратлар таъминоти 30-35 фоизни ташкил этар экан. Бу препаратлар диспансерда бор пайтида дадамга тўлиқ берилган, қолган вақти ўзим сотиб олганман. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 191-буйруғи билан таниш бўлмаганим сабабли врачлар ҳақида нотўғри фикрга борган эканман. Кимёвий препарат тақсимоти бўйича қонунбузарлик бўлмаганини англадим».
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Сувсултон қишлоғидан Лочин Жўраев ҳам виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, «адашиб, нотўғри хабар ёзгани учун» кечирим сўраган:
«Ўзим Тошкентда яшайман, қишлоғимда газ таъминоти етарлича йўлга қўйилган экан. Менга келган нотўғри хабарга асосланиб, Сизга илтимоснома ёзгандим. Мурожаатимни кўриб чиққанингиз учун раҳмат, англашмовчилик учун узр сўрайман».
Изоҳ (0)