Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 25-тур учрашувларига тўлиқ якун ясалди. 14 октябрь куни 5 та ўйин бўлиб ўтганди, шанба куни эса яна 3 таси ўтказилди.
Турнинг марказий беллашуви Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида ўтиб, унда Қаршининг «Насаф» клуби меҳмон бўлди. Учрашув тақдирини ҳал қилган ягона гол миллий терма жамоа аъзоси Элдор Шомуродов томонидан урилди.
«Насаф» 9 та ўйиндан буён мағлуб бўлмай келаётганди. «Maydon.uz» маълумотига кўра, Қарши клуби сўнгги бор 1 июль куни Муборакда «Машъал»дан енгилган бўлиб, шундан кейин 7 та беллашувни ўз фойдасига ҳал қилган ва 2 тасида дуранг ўйнаганди.
Мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Пахтакор» Фарғонада имкониятни бой берди. Жамшид Искандаров 45-дақиқага келиб бош ҳакам Илгиз Танташев томонидан майдондан четлатилди. Иккинчи бўлимни бир киши камроқ ўтказган «Пахтакор» эса мағлубиятдан қутулиб қола олмади.
Олий Лигада сўнгги ўринни эгаллаб турган «Андижон» 25-турдан кейин ҳам юқорилай олмади. Жамоа бу сафар Ғузорда «Шўртан»дан енгилди.
Ўзбекистон Олий Лигаси 25-тур учрашувлари 15 октябрь, шанба
Изоҳ (0)