1–10 октябрь кунлари Болгариянинг Благоевоград шаҳрида армрестлинг бўйича 38-жаҳон чемпионати ҳамда пара-армрестлинг бўйича 19-жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақаларда 52 мамлакатдан ташриф буюрган 1200 спортчи иштирок этди. Бу ҳақда, армрестлинг федерациясига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Мусобақада 29 нафар ўзбекистонлик спортчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси тўртта олтин, учтадан кумуш ва бронза медалларни қўлга киритиб, жаҳоннинг энг кучли ўнта жамоасидан бирига айланди.
Ўспиринлар ўртасидаги баҳсларда Зоҳир Файзуллаев (50 килограммгача, ўнг қўл), Мухлиса Турсунбоева (45 килограммгача, ўнг ва чап қўллар) ва Дониёр Мирзаев (75 килограммгача, ўнг қўл) армспорт бўйича жаҳон чемпиони бўлди.
Мирзаев, олтин медалдан ташқари, чап қўлли беллашувларда кумуш медални ҳам қўлга киритди. Султон Неъматуллаев (80 килограмм, чап қўл) ва Шоҳруҳ Абдуёқубов (65 килограмм, чап қўл) катталар ўртасида вице-чемпион бўлди.
Хумора Раҳмонқулова (50 килограммгача), Шаҳноза Абдураҳмонова (65 килограмм) ва Дилобар Абдураҳмонова (60 килограмм) чап қўлда бронза медалларга эга бўлди.
Биринчилик якунларига кўра ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Дмитрий Дукачёв энг яхши рефери деб тан олинди.
Изоҳ (0)