Қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраев «Даракчи» газетаси билан сухбатда дуэт куйлаш масаласига эътибор қаратди.
Журналист Алия Сулаймонованинг репертуарингизда умуман дуэт тарона учрамайди, дея билдирган фикрига Жўраев шундай жавоб берди:
«Бунга умуман қизиқмайман десам, тўғрироқ бўлади. Мен билан ҳамкорлик қилишни истаганлар ўзи қўшиқ билан келиши керак, деб ҳисоблайман. Дуэт куйлайлик дегани билан қўлида иши бўлмаса, бу тўғри эмас».
«Овозларнинг бир-бирига тушиши ҳам муҳим. Бир марта дуэт куйламоқчи бўлдим. У Райҳон Ғаниеванинг услубига мос эди. Концертларнинг бирида таклиф билдирдим, келишиб ҳам олдик. Аммо қизиқишим кучли бўлмагани учун ишни охирига етказмаганман», — деди Шоҳжаҳон Жўраев.
Қўшиқчи 10 йиллар давомида дадаси Шерали Жўраевнинг йўналишида қўшиқ куйлаб келгани ҳақида айтиб, энди 35 ёшдан кичик бўлганлар учун ҳам ижод қилишга қарор қилганини билдирди:
«Ўзимга қолса янги имиджда анча олдин кўриниш берардим. Бироқ истасам-истамасам мени дадамга ўхшатишарди. Шу кунга қадар саҳнада мен учун эмас, отам учун қарсак чалинди. Яъни, уларнинг қўшиқларини куйлаганим учун. Бироқ бутун умр сояда юришим яхши эмас. Дадамга муносиб ўғил эканимни етарли даражада исботладим. Энди кимнингдир ўғли эмас, Шоҳжаҳон Жўраев дейишмоқда. Шунинг учун ўзим истаган йўналишга ҳам етиб келяпман», — деб тушунтириш берди Шерали Жўраевнинг тўнғич фарзанди.
«Мен истаган қўшиқлар мана энди жаранг сочишни бошлайди. Уларга мўйловли Шоҳжаҳон ярашмайди. Бугун яратаётган қўшиқларим 35 ёшдан кичиклар учун. Рок-н-ролл элементлари бор қўшиқларимни эски шинавандаларим тушунмай қолиши ҳам мумкин», — деб фикр билдирган Шоҳжаҳон Жўраев янги йўналиши тингловчилар томонидан яхши қабул қилинишига ишончи юз фоиз комил эканини ҳам қўшимча қилган.