Ўзбекистонга инвестицион муҳитни ўрганиш учун Япония ишбилармонлари делегацияси келди
Ўзбекистонга Япония ишбилармон доиралари делегацияси келди. Япония Ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) томонидан уюштирилган ташрифдан кўзланган мақсад мамлакатдаги инвестицион муҳит, истеъмол бозори салоҳиятини ўрганиш ҳамда мамлакат компаниялари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатишдан иборат. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
JETRO’нинг Тошкентдаги ваколатхонасига кўра, делегация таркибидан қурилиш материаллари, электроника, электр хўжалик техникалари, озиқ-овқат саноати, канцелярия маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатаётган компаниялар ҳамда халқ истеъмоли маҳсулотлари экспорти агентлиги (FMCG) вакиллари ўрин олган.
Ташриф доирасида ўзбек ва япон тадбиркорлари иштирокида кооперацион биржа ўтказилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги қошида ташкил этилган ҳамда 55 мамлакатда 74 та хорижий ваколатхонага эга JETRO Марказий Осиё бўйича фақат Ўзбекистонда фаолият юритади.