Футбол бўйича Эквадор терма жамоаси аъзоси Эннер Валенсия Чилига қарши (3:0) ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичининг 9-тур ўйинида жароҳат олганини симуляция қилиб, полициядан яширинишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Daily Mail нашрига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Хабарда таъкидланишича, Валенсия ўйин вақтида полициячиларни майдонда кўриб қолди ва улардан яшириниш учун жароҳат олганини симуляция қилишга қарор қилди. Натижада у 82-дақиқада захирага олинди ва стадионни махсус транспортда, полиция кузатуви остида тарк этди. Бу вақт адвокатнинг тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, полицияни Валенсияни ҳибсга олмасликка кўндириш учун етарли бўлди.
Эквадорлик футболчи алимент тўлашдан бош тортишда айбланмоқда. Валенсия 4 ой учун 17 минг доллар тўлаши керак.
Аввалроқ суд ижрочилари 26 ёшли футболчини 5 октябрь куни, терма жамоанинг машғулотларида ҳибсга олмоқчи эди, аммо протокол нотўғри расмийлаштирилгани учун бунинг уддасидан чиқмади.
Трансфер ҳуқуқи Лондоннинг «Вест Ҳэм» клубига тегишли Эннер Валенсия айни дамда ижара асосида «Эвертон» жамоасида тўп сурмоқда. Унинг йиллик маоши 170 минг фунт стерлингга тенг экани таъкидланмоқда.
Изоҳ (0)