7 октябрь, жума куни Тошкент шаҳрида қуриб битказилган ва мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан қайта қад ростлаган янги масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб порталида маълум қилинди.
«Мазкур муборак масканга кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, халқимиз учун суюкли ва фидоий инсон, таниқли давлат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираларини қадрлаш мақсадида ‘Ислом ота’ номи берилди», — дейилади хабарномада.
Мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюрган масжиднинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов мусулмонларни янги очилган масжид билан муборакбод этди.
«Бугун нотинчликлар авж олган бир вақтда юртимизда тинч-осойишта ҳаёт барқарор тургани сабабли биз мана бундай биноларни қуришга муваффақ бўляпмиз. Аллоҳнинг улуғ неъмати, марҳаматидандир. Масжид қурилишида ёрдам қилган, ҳисса қўшган, қурувчилар ва халқимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мусулмонларга ушбу масжидни муборак айласин!», — деди у.
Масжид ҳузурида илк бор кутубхона ташкил этилди. Ушбу кутубхона чоп этилаётган янги нашрлар билан бирга, қўлёзма ҳамда нодир манбалар билан ҳам бойитилди. Шунингдек, масжидда турли маънавий-маданий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 80 кишилик мажлислар зали ҳам қурилди.
Изоҳ (0)