Россия Афғонистонга халқаро жамғармаларнинг воситачилигисиз, тўғридан-тўғри ёки БМТ тизими орқали ёрдам беради. Бу ҳақда 5 октябрь, чоршанба куни Россия Федерацияси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов журналистларга маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Замир Кабулов Брюсселда бўлиб ўтган Афғонистон донорлари халқаро конференциясида Россия номидан қатнашди.
«Биз ҳеч қандай халқаро жамғармага ишонмаймиз. Шунинг учун ҳам Афғонистонга бераётган оз бўлса-да, муҳим кўмакни назорат қилишни истаймиз. Пуллар қаёққадир сарфланаётган, бироқ биз натижасини кўрмаётган умумий қозонга ишонмаймиз», — деб таъкидлади у.
«Биз охирги икки йил ичида Афғонистонга икки томонлама йўл ва БМТ орқали 46 минг тонна турли шаклдаги гуманитар ёрдам етказдик», — деди у.
У, шунингдек, Россия охирги икки йил ичида Афғонистон армиясига 10 минг донага яқин ўқотар қурол ва 2,5 миллион ўқ етказганлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)