Россия Премьер-Лигасининг ўтган мавсуми якунига кўра қуйи лигага тушиб кетган «Кубань» клубини бир йил муқаддам «Пахтакор»да фаолият олиб борган Александр Григорян қабул қилиб олади, деб ёзди «Championat.asia».
Нашр бунда «Кубань» клуби расмий сайтига таянганини кўрсатди. Жамоа матбуот хизмати амалдаги бош мураббий — руминиялик Дан Петреску билан шартнома икки томон келишувига кўра бекор қилинаётганини айтиб ўтган. Мазкур хабарда «Кубань»ни вақтинчалик Михаил Семёнов бошқариши кўрсатиб ўтилган.
«Пахтакор» собиқ мураббийи айни вақтда «СКА-Хабаровск» бош мураббийи ҳисобланади. Унинг жамоаси Россия биринчи дивизионида 15-турдан кейин бешинчи бўлиб турибди. «Кубань» эса 14-поғонадан жой олган.
Маълумот учун, Арманистон пойтахти Ереванда таваллуд топган ва ҳозирда Россия фуқаролигига эга бўлган Александр Григорян «Пахтакор»ни 2015 йил қабул қилиб олиб, шу йилнинг ўзидаёқ жамоани тарк этганди.
Изоҳ (0)