Спорт кийимларини ишлаб чиқарувчи АҚШнинг Nike компанияси россиялик теннисчи Мария Шарапова билан ҳамкорликни қайта тиклашга умид қилмоқда, дея маълум қилди «ТАСС».
2016 йилнинг март ойида Nike допинг қабул қилганлиги учун Халқаро теннис федерацияси томонидан икки йилга теннисдан четлатилган россиялик теннисчи билан ҳамкорликни тўхтатганди.
4 октябрь куни Спорт арбитраж суди Шарапованинг апелляциясидан сўнг унинг 26 январдан кучга кирган дисквалификациясини 24 ойдан 15 ойгача қисқартирди.
Мария Шарапова 2017 йилнинг 26 апрель кунидан бошлаб теннис мусобақаларида иштирок этиши мумкин бўлади.
«Мария апрель ойида ўзининг севимли спорт турига қайтаётганидан хурсандмиз. У билан ҳамкорлик қилишга ҳамда унинг корт ва кортдан ташқаридаги ғалабаларига шерик бўлишга умид қиламиз», – дейилади Nike компаниясининг баёнотида.
Шундай қилиб, россиялик теннисчининг 2017 йилдаги биринчи «Катта дубулға» туркумидаги турнири Франция Очиқ чемпионати бўлади. Мазкур турнир 28 май – 11 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Дисквалификация қилинишидан аввал дунёнинг 7-ракеткаси бўлган Мария Шарапова айни дамда WTA рейтингида 95-ўринни банд қилиб турибди.
Изоҳ (0)