Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «Меги» тўфонининг вайронкор кучига қарамай, қиймали кулча тановул қилишда давом этган тайванлик аёлни мемга айлантирди. Воқеага BuzzFeed эътибор қаратди.
Охиригача еб тугатилмаган қиймали кулча ва синган соябон билан тўфонда қолган аёлнинг сурати Associated Press мухбири томонидан эълон қилинган.
Муаллиф суратга шундай изоҳ қолдирган: «Тайванга ёпирилган ‘Меги’ тўфонининг кучли шамоли остида аёл овқатланмоқда ва соябонини ушлаб қолишга уриняпти».
Сурат жаҳоннинг қатор етакчи нашрлари саҳифаларида қайта эълон қилинди, сўнг ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб кетди.
Фойдаланувчилар аёлнинг жасоратига тан бериб, айнан қиймали кулчанинг оғирлиги ёки унинг таъми аёлга мувозанатни сақлаб қолишга ёрдам берди, дея ҳазил аралаш тахминларни илгари сурган.
«Илтимос, аёл қиймали кулчани қайси дўкондан сотиб олганини айтинглар», — деб ёзади Facebook фойдаланувчиларидан бири.
Ижтимоий тармоқларда ушбу суратнинг карикатураси ҳам пайдо бўлди. «Сиз соябонни йўқотишингиз мумкин. Аммо қиймали кулчани эмас!», — дейилади суратда.
Кейинроқ маълум бўлишича, суратдаги аёлнинг ёши 53 да ва у бозорда мевалар сотади. Аёл унга ёпирилган бундай машҳурликдан хурсанд эмас, бироқ ОАВ унинг бизнесини тилга олса, ишлари яхшиланишига умид қилмоқда.
Изоҳ (0)