Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотлари етказиш бўйича савдо уйлари Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида очилади. Бу ҳақда, «Ўзбекозиқовқатхолдинг»га асосланиб, UzDaily хабар бермоқда.
Компания «ФинИнвест Конслатинг» МЧЖ билан ҳамкорликда Санкт-Петербургда савдо уйини ташкил этмоқда. Ўзбекистон томонининг ундаги улуши 51 фоизни, Россия компаниясининг улуши эса 49 фоизни ташкил этади. Айни пайтда таъсис ҳужжатлари имзоланиш арафасида.
Шунингдек, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» «Сибирский альянс» компанияси билан ҳамкорликда Москвада савдо уйи очади. Томонлар таъсис ҳужжатларини Россиянинг рўйхатга олувчи органларига юборди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон компанияси «Магнит» тармоқ дўконларига мева-сабзавот маҳсулотларини етказиш бўйича шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Унинг тахминий суммаси 10 миллион долларни ташкил этади.
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» маҳсулотни тайёрлаб қўйиш ва сарҳил маҳсулотларни етказиш механизмлари бўйича X5 Retail Group компанияси билан музокаралар олиб бормоқда. «Агро-Лайн» компанияси билан эса Ўзбекистон ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш, қадоқлаш ва сифатини назорат қилиш бўйича шуъба корхонасини очиш борасида келишув кўриб чиқилмоқда.
Ниҳоят, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ва Улгуржи-тақсимот марказлари миллий уюшмаси ўзаро ҳамкорлик келишувини имзолаши айтилмоқда.
Изоҳ (0)