Ўзбекистон қонун ҳужжатлари миллий базаси — «Lex.uz»га норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этишнинг расмий манбаи мақоми берилди, деб ёзади UzDaily.
Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 23 сентябрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ушбу қонунни 2016 йил 22 август куни қабул қилган, Олий Мажлис Сенати эса 2016 йил 25 августда маъқуллаган эди.
Қонун «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонунларга тузатиш киритди.
Қонунларга киритилган қўшимчага кўра, Конституция ва Ўзбекистон қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президентнинг буйруқ, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқармаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, давлат ҳокимиятининг жойлардаги органлари қарорларини чоп этувчи расмий манбалар қаторига Ўзбекистон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳам киритилди.
Изоҳ (0)