Колумбия мезбонлигида ўтаётган футзал бўйича Жаҳон Чемпионати Бразилия ва Испаниянинг чемпион бўлмагани билан эсда қоладиган биринчи мундиал бўлади.
Бунга қадар ўтказилган 7 та мундиалнинг 5 тасида Бразилия термасининг қўли баланд келган бўлса, қолган 2 тасида Испания бош совринга эга чиққанди.
Ҳисоб бўйича саккизинчи Жаҳон Чемпионатининг нимчорак финалида Бразилия Эрондан енгилган бўлса, Испания футзалчилари чорак финалда Россияга имкониятни бой берди — 2:6.
Турнирда ўз иштирокини давом эттираётган Осиёнинг ягона жамоаси Эрон ҳам ярим финал чиптасини қўлга киритди. Парагвайга қарши саф тортган қитъа чемпиони асосий вақтни 3:3 ҳисобида якунлади ва қўшимча дақиқада яна 1 та гол уришга муваффақ бўлди.
Чорак финалдаги энг йирик ҳисоб Аргентина ва Миср ўйинида қайд этилиб, Италияни турнирдан чиқариб юборган африкаликлар жавобсиз 5 та гол ўтказиб юборди. Португалия эса Озарбайжон устидан 3:2 ҳисобида зафар қучди.
27—28 сентябрь кунлари ярим финал беллашувлари бўлиб ўтади. Унда Эрон Россияга қарши залга чиқса, Аргентина ва Португалия термалари ўзаро ҳисоб-китоб қилади.
Изоҳ (0)