Коста-Рика терма жамоаси Шимолий Америка термалари ичида тенгсиз бўлиб, Колумбия чиптасини ютиб олган.
Ўз гуруҳида Аргентина, Қозоғистон ва Соломон оролларига қарши курашадиган рикаликларнинг ҳозиргача энг яхши натижаси Жаҳон Чемпионатида 1 донадан ўйинни ютиш бўлган. Хўш, бу сафар-чи?
Колумбияга йўл
Коста-Рика терма жамоаси Жаҳон Чемпионатига КОНКАКАФ чемпиони сифатида ташриф буюради. Қандай континент бўлмасин, унинг чемпионига бўлган ҳурмат барибир ўзгача бўлади.Коста-Рика саралаш вазифасини ўтаб берувчи қитъа чемпионатида 5 та ўйин ўтказиб, барчасида зафар қучди. Тўрт йил аввал бўлгани каби ҳаммадан кўп — 26 та гол урди ва 6 дона тўп ўтказиб юборди.
Гуруҳ ўйинларининг дастлабки иккитасида Коста-Рика 17 та гол уришга муваффақ бўлди ва битта гол ўтказди. Шундан кейин асосий рақиблар чиқиб кела бошлади. Аввалига Куба 6:0 ҳисобида мағлуб этилди. Ярим финалда Гватемалага имконият қолдирилмади — 7:1. Финалда Ўзбекистоннинг мундиалдаги илк рақиби Панама дарвозаси жавобсиз 4 бор ишғол қилинди. Осиё қитъасида сиз Эронни қандай тасаввур қилсангиз, КОНКАКАФда Коста-Рикани шундай мақомда дейиш мумкин. Сўнгги 4—5 йилда, албатта.
Жамоа ҳақида
1992 йилдан бошлаб, 2000 йилга қадар Коста-Риканинг етакчи футзалчиси бўлган Диего Солиснинг кейинроқ мураббийга айланишини кўпчилик таҳмин қилганди. Бу таҳминлар ҳақиқатга айланди. Айнан у мамлакат футзал терма жамоаси ҳаётида энг муҳим ролни ўйнайди.Таиланд мезбонлик қилган 2012 йилги Жаҳон Чемпионатига ҳам Коста-Рикани Диего Солис етаклаб борди. У бир неча йиллик меҳнатлари эвазига Диего Зунига, Эрик Бренеса, Эдвин Кубило каби пишиқ футзалчиларни етиштирди. Номи сўнгги ўринда зикр этилган йигит саралаш босқичининг энг яхши футзалчиси учун аталган совринни ўзиники қилиб олди.
Коста-Рика Колумбияга етакчи жамоалар қаторида ташриф буюраётгани йўқ. Шунга қарамай, бу терма жамоа ҳар қандай рақибга жиддий қаршилик кўрсатишга тайёр. Соломон ороллари каби жамоаси бор гуруҳда Коста-Риканинг қолиб кетиши қийинроқ масала. Кўп нарса Қозоғистон термасига қарши ўйинда ҳал бўлади.
Мундиаллар тарихи
Колумбия мундиали Коста-Рика учун тарихдаги тўртинчи, кетма-кетликда иккинчисидир. Илк бор мамлакат бош жамоаси 1992 йил Гонгконг мезбонлик қилган мусобақада иштирок этиб, гуруҳ босқичидаги ҳар уч беллашувда ҳам имкониятни бой берган.Катта майдонга Коста-Рика орадан 8 йил ўтиб қайтди. Гватемалада бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионати жамоанинг илк ғалабаси билан ёдда қолди. Ўшанда турнирнинг 11-поғонаси Коста-Рикага насиб қилганди ва ўша натижа ҳозиргача энг яхшиси бўлиб турибди.
2012 йил мундиалга қайтган Коста-Рика бу сафар ҳам 1 дона ғалаба билан чекланди. Бироқ бу ғалаба жамоанинг гуруҳдан чиқиши учун етарли бўлмади. Интихода «Лос Ticoс» мусобақани 17-ўринда якунлади.
Изоҳ (0)