Америкалик қўшиқчи Бейонсе 2016 йилги MTV Video Music Awards мукофотини қўлга киритди. Бу ҳақда 29 август, душанба куни Америка ОАВлари маълум қилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».
Йилнинг энг яхши клипи мукофотини қўшиқчига Formation қўшиғига ишланган видео олиб келди.
Бейонсе, шунингдек, Hold up қўшиғига ишланган клип учун «Аёл хонанданинг энг яхши видеоси» йўналишида ғолиб бўлди. У жами саккизта ҳайкалчани қўлга киритди. Бундан ташқари, унинг тақдирлаш маросимидаги чиқиши рекорд даражадаги вақт — 15 дақиқа давом этди. Бу вақт ичида у бешта қўшиқ ижро этди.
«Эркак хонанданинг энг яхши клипи» йўналишида эса Келвин Харриснинг Рианна билан бирга ижро этган This is What You Came For қўшиғи эгаллади.
«Энг яхши хип-хоп видео» йўналишидаги мукофотни Hotline Bling клипи билан Дрейк қўлга киритди, Twenty One Pilots гуруҳининг Heathens клипи эса «Энг яхши рок-видео» йўналишида ғолиб бўлди.
Энг яхши янги артист номини Американинг DNCE поп-гуруҳи қўлга киритди.
Бундан ташқари, MTV’нинг Майкл Жексон номидаги махсус мукофотига Рианна сазовор бўлди.
Изоҳ (0)