Исроилнинг электрон кузатиш учун компьютер дастурлари ишлаб чиқарувчи NSO Group фирмаси Американинг Apple компанияси ишлаб чиқарган қурилмалар iOS операцион тизимидаги ҳимоя заифлигидан фойдаланиб маълумотларини рухсатсиз олиш имконини берувчи воситани аниқлади. Бу ҳақда The New York Times газетаси маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
NSO Group’нинг дастурий воситалари матнли хабарлар, электрон хатларни ўқиш, қўнғироқлар ва алоқаларни кузатиш имконини беради. Уларнинг ёрдамида ҳатто аудио ёзувлар қилиш, паролларни ёзиб олиш ва телефон фойдаланувчисининг қаерда эканлигини аниқлаш мумкин.
The New York Times’нинг маълум қилишича, жосуслик дастурлари дастлаб ахборот ҳимояси соҳасида фаолият юритувчи Lookout ва Citizen Lab компаниялари мутахассислари томонидан аниқланган. Уларнинг ҳар иккаласи буни тасдиқлаган.
Lookout ва Citizen Lab ўз расмий сайтларида ходимлари Apple’ни жосуслик дастурлари ҳақида огоҳлантирганлигини маълум қилган. Шундан сўнг Калифорния компанияси iOS учун янгиланган 9.3.5 версиясини чиқарди. Уни аллақачон фойдаланувчилар юклаб олиши мумкин.
Изоҳ (0)