Эфиопия вакили, Рио Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган Фейиса Лилеса ўз ҳаётидан хавфсираётганини билдирди. У юртига қайтса, қамалиши ёки ўлдирилиши мумкинлигини айтмоқда, деб хабар беради «РБК».
Марафон финишида Лилеса қўлларини қовуштириб, боши узра кўтарди ва бу билан мамлакатда ҳукм сураётган режимга норозилигини билдирди. Финишдан сўнг у Эфиопияда ҳукуматга қарши норозиликлари туфайли қамоққа олинган оила аъзоларига далдасини билдирганини айтди.
«Мен ўз халқим учун норозилик билдирдим. Бу қамоқда ўтирган қариндошларим учун кўтарилган қўллар эди. Бу ишораларим ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини биламан. Агарда юртимга қайтсам, мен ўлдиришлари мумкин. Агар ўлдиришмаса, қамоққа отишади. Қамоққа ташлашмаса, шунчаки аэропортдан чиқаришмайди. Бошқа давлатга кўчиб ўтсам керак», — деди спортчи Sydney Morning Herald’га берган изоҳида.
Лилесанинг сўзларига қараганда, охирги тўққиз ой ичида Эфиопияда ҳукуматга норозилик билдирган ёки ҳуқуқларини талаб қилган мингдан ортиқ одам ўлдирилган.
Лилесанинг ишораси — қовуштирилган муштларни бош узра кўтариш — Эфиопияда ҳукуматга қарши норозилик ифодасидир.
Изоҳ (0)