Миср олимпия қўмитаси Рио–2016 Олимпиада ўйинларида исроиллик дзюдочи Ор Сассоннинг қўлини сиқишни рад этган мисрлик Ислом Шехабини уйига жўнатиб юборди. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) маълум қилди, деб хабар бермоқда Meduza.
Мазкур ҳодиса 12 август куни, +100 килограмм вазн тоифасида 1/32 финалда татамига чиққан Сассон ва Шехаби ўртасидаги беллашувдан сўнг юз берди. Учрашув исроиллик дзюдочининг ғалабаси билан якунланди. Баҳс якунлангач, мисрлик дзюдода қабул қилинган таъзим ўрнига бошини секингина эгиб қўйди. Ғолиб Шехабининг олдига қўлини сиқиш учун келганида, у рақибини рад этиб, татамидан чиқиб кетди.
https://twitter.com/zaidbenjamin/status/764544196980113409
Воқеа юз берган куннинг эртасида Шехаби дзюдода рақибнинг қўлини сиқиш мажбурияти қабул қилинмаганини айтди. «Қўл сиқиш дўстлар орасида бўлади, у эса менга дўст эмас», – дея Ислом Шехабининг сўзларидан иқтибос келтиради LʼEsprit du Judo нашри. Мисрлик спортчи яҳудий ёки бошқа дин вакилларига қарши ҳеч қандай хусумати йўқлигини, аммо ушбу мамлакат вакилининг, айниқса, бутун жаҳон қаршисида қўлини сиқа олмаслигини ҳам айтиб ўтди.
ХОҚ Шехабининг бундай хатти-ҳаракати Олимпиаданинг қадриятлари сифатида муҳрланган фейр-плей ва дўстлик руҳияти принципларига зид келишини маълум қилди.
Рио–2016 ўйинларининг дзюдо бўйича мусобақалари 12 август куни ўз якунига етганди. Мисрлик спортчи Олимпиадани айнан қачон тарк этганига аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)