Португалиялик ярим ҳимоячи Андре Гомеш «Барселона» билан шартнома имзолаганидан кейин журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Унинг қисқача кўриниши «Sports.ru» сайтида чоп этилди.
Андре Гомеш «Барселона» вариантини афзал билишини шундай изоҳлади: — «Мен ўзим ва оилам учун энг яхши вариантни танлашим керак эди. Бу борада эса ҳеч қандай шубҳа-ю гумонларга ўрин қолмади. Ўйлашимча, энг яхши қарорни қабул қилдим. ‘Барселона’ ярим ҳимояси ажойиб футболчилар билан тўла. Мен эса ўсишим ва ўрганишим керак. Ҳозир 22 ёшдаман, энг яхши бўлишим учун кўп вақт керак бўлади».
Андре Гомеш Португалиядаги жамоадоши Криштиану Роналду тўп сурадиган «Реал»ни эмас, «Барселона» клубини танлади. Гомеш буни қуйидагича тушунтирди: — «Бу шахсий масала. Одамларнинг фикри ҳар хил. Мен учун энг яхши клуб бу ‘Барселона’. Бу менинг фалсафам билан боғлиқ нарса».
«Мен бош мураббий Луис Энрике билан гаплашиб олдим. У мендан кўр нарса умид қилаётганини айтиб, бунинг учун жиддий меҳнат қилишим кераклигини уқтирди. Янги мавсумда ҳамма нарсани ютишни хоҳлайман», — деб таъкидлади Андре Гомеш.
Криштиану Роналду ёки Лионель Месси? Қай бири яхшироқ деган саволга португалиялик 22 ёшли футболчи шундай жавоб берди: — «Уларнинг қанчалик зўрлигини ҳамма билади. Ҳар иккаласи билан бирга ўйнаш имкониятининг бор экани мен учун фахр. Мен Иньеста каби жаҳон даражасидаги юлдузлар ва умуман янги жамоадошларим билан тўп суриб, футболдан роҳатланишни истайман».
Изоҳ (0)