Гаага Ҳакамлик суди Филиппиннинг Жанубий Хитой денгизи ҳудудидаги оролларнинг эгалик қилиш бўйича даъвосини қондиргач, ғазабга келган хитойлик миллатчилар АҚШга қарши оммавий норозиликлар уюштира бошлади, деб хабар бермоқда TJournal.
Интернетда намойишчиларнинг iPhone’ларни синдираётган ҳамда KFC ресторанларига норозилик билдираётган видеолари катта шуҳрат қозонмоқда.
АҚШ компанияларига нисбатан бойкот Жанубий Хитой денгизи борасидаги баҳсда америкаликлар Филиппинни қўллаб-қувватлаганидан сўнг бошланди. Ёш хитойликлар Apple ва KFC брендларини АҚШ рамзи деб ҳисоблайди.
Хитойнинг Weibo (Twitter’нинг аналоги) ижтимоий тармоғида фойдаланувчилар бошқаларни ҳам шу ишга ундаб, синдирилган iPhone расмларини юклашга чақириб, «Агар бу ишни қилмасанг — хитойлик эмассан!» қабилидаги гапларни ёзиб қолдирмоқда.
Қайд этиш керакки, 2016 йилда Хитой iPhone телефонларининг сотилиши бўйича АҚШдан ўзиб кетганди.
Хитойнинг «Синьхуа» расмий ахборот агентлиги аҳолини ўз ғазабини мол-мулкида акс эттирмасликка чақирди. Агентлик уларнинг ғазаби ўринли эканини тан олди, аммо ватанпарварликнинг бундай хатти-ҳаракатини қоралади.
Хитой Гаага Ҳакамлик судининг Жанубий Хитой денгизи ҳудудлари муаммосини кўриб чиқиш ҳуқуқини расман тан олмади ва қарори ижросини бажармайди.
Изоҳ (0)