Олимпиада ва Параолимпия ўйинлари вақтида юзга яқин концерт ва шоулар ташкил этилади. Бу ҳақда «ТАСС» Бразилия туризм вазири Антониу Педру Фигейра ди Меллунинг сўзларига таяниб хабар берди.
«Биз маҳаллий аҳоли ва туристларга олимпия атмосферасини совға қилишни истаймиз. Бутун дунёда Рио-де-Жанейрони байрамларни ташкил қилишни қойиллатадиган шаҳар сифатида билишади. Биз эса буни яна бир карра намоён этмасдан туролмаймиз», — деди туризм вазири.
Шоу ва концертлар намойиш қилиш учун Рио-де-Жанейронинг қайта таъмирдан чиқарилган порт зонаси танлаб олинди. Байрам намойишлари сал кам уч километр масофага чўзилган ва олимпия ҳиёбони мақомини олган масканда ташкил этилади. Унга ташриф буюриш барча истовчилар учун эркин ва бепул бўлади.
234 нафар артист иштирок этиши кўзда тутилган кўнгилочар байрам тадбирлари тонгги 9:00 дан бошланиб, ярим тунга қадар давом этади. Ҳар куни кечки ўнда Музей биноси олдидан мушакбозликни томоша қилиш имконияти бўлади. Кундуз куни ҳаво шарида 150 метр баландликка кўтарилиб, шаҳарни томоша қилиш ёки 40 метр баландликдан «тарзанка»га сакраш учун шароитлар яратилади.
Олимпия ҳиёбонига мусобақаларни тўғридан-тўғри трансляция қилувчи улкан телеэкранлар ўрнатиш режалаштирилган. XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари 5—21 август кунлари оралиғида ташкил этилади.
Изоҳ (0)