Евро—2016 бошланмай турибоқ Лондоннинг «Челси» клубини қабул қилиб олган Антонио Конте турнир якунидан кейин янги иш жойига кўчиб ўтди. Италия терма жамоасида эса унинг ўрнини Жампьеро Вентура эгаллади.
Вентура бунга қадар Туриннинг «Торино» клубини 2011 йилдан буюн бошқариб келаётганди. Мураббийлик фаолиятини 1976 йилдан бошлаган 68 ёшли мутахассис катта муваффақиятларни қўлга киритмаган.
Жамперо фаолияти давомида 3 та клубни Италия Б сериясидан А серияга олиб чиққан. 1996/97 йилги мавсумда «Лечче» 3-ўрин билан, 1997/98 йилги мавсумда «Кальяри» 3-ўрин билан, 2011/12 йилги мавсумда эса «Торино» 2-ўрин билан А серияга қадам қўйган.
«Мен бу ерда эканлигимдан шодман. Футбол оламидаги йирик жамоалардан бирига мураббий бўлганимдан фахрланаман», — деб таъкидлади Вентура Football Italia нашрига берган интервьюсида.
У аввалги мураббий Антонио Контега миннатдорчилик билдиришни ҳам унутмади: «Астойдил меҳнат қиладиган жамоани қолдириб кетгани учун Контедан миннатдорман. Антонио бу жамоага пойдевор қўйиб бўлганди. Бу эса менга ишни бошидан бошламаслик имкониятини беради».
Евро—2016 да Италия терма жамоаси чорак финалга қадар етиб бориб, пенальтилар сериясига кўра Германиядан енгилганди. Жампьеро Вентура «мовий гвардиячилар»ни 2018 йилги Жаҳон Чемпионатига тайёрлайди.
Изоҳ (0)