Арманистонда барча давлат ҳокимияти органлари одатдаги тартибда ишламоқда, полиция эса жамоатчиликни ҳимоя қилиш бўйича вазифаларини бажаришда давом этмоқда. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик хизмати баёнот берди, деб ёзади «ТАСС».
Бугун, 17 июль куни бир гуруҳ қуролли шахслар полиция патруль-пост хизмати полки ҳудудидаги кириб, у ердаги одамларни гаровга олди, айни пайтда уларнинг тарафдорлари ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали қуролли қўзғолон бошлангани ҳақида хабар тарқатмоқда. Мамлакат МХХга кўра, қуролли қўзғолон ҳақидаги гаплар ҳақиқатга мос келмайди.
Шу билан бирга, махсус хизмат баёнотида ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатларга дарҳол чек қўйилиши, уларни содир этган шахслар қўлга олиниб, жазоланиши маълум қилинди.
«Айни пайтда қуролли шахслар билан ҳукуматга таслим бўлиш масаласида музокара олиб борилмоқда», — дейилади баёнотда.
Изоҳ (0)