Шу пайтга қадар маълум ўтроқ инсонлар манзилгоҳлари орасидаги энг қадимийси Кипр оролининг жанубий қисмида археологлар тарафидан очилди. Бу ҳақда, Al Arabiya телеканалига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Олимлар қазиб очган комплекс 20 иншоотдан иборат бўлиб, ҳар бирининг пойдевори айлана шаклига эга. Кипр қадимиятлар бошқармаси мутахассисларининг фикрича, бино қолдиқлари 10,5–11,5 минг йиллик ўтмишга эга. Бу объект Ўрта Ер денгизидаги оролда илгарироқ очилган ўтроқ манзилгоҳлардан 2 минг йилга қадимийроқ дегани.
Лимасол шаҳри яқинидаги Климунас яҳоли яшаш пункти ҳудудида олиб борилаётган археологик қазишма ишлари давомида маиший буюмлар қолдиқларидан ташқари жониворлар, шу жумладан, мушук ва итларнинг суяклари ҳам топилди. Бу мазкур комплексда аҳоли кўпдан бери яшаб келганини ҳамда ижтимоий алоқалар анча яхши ривожланганини кўрсатади.
Шу пайтга қадар энг қадимги деб ҳисоблаб келинган ўтроқ манзилгоҳ Иерихон шаҳри яқинида, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида жойлашган. Экспертларнинг фикрича, объект 10 минг йил олдин вужудга келган.