ГФР президенти Йоахим Гаук Намибияда 1904–1908 йилларда, у Германиянинг мустамлакаси бўлган пайтда маҳаллий аҳоли вакилларидан 75 минг киши ўлдирилгани билан боғлиқ тарихий ҳодиса учун мамлакат халқи ва ҳукуматидан узр сўрайди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Spiegel журналининг билдиришича, Йоахим Гаук икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги музокаралар якунланганидан сўнг бу борада расмий баёнот беради. Музокаралар шу йилнинг охирига қадар якунланиши кутилмоқда. Шунингдек, икки давлат парламентлари ва ҳукуматлари қўшма декларация қабул қилиб, унда германиялик мустамлакачиларнинг хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олади.
Геноцид масаласидан ташқари, Германия ва Намибия ҳукуматлари Future Foundation қўшма жамғармасини ташкил этиш ҳамда бир қанча инфраструктур лойиҳалар реализацияси юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
Маълумот учун, 1880 йилда Намибия ўрнида Германиянинг Жануби-Ғарбий Африка мустамлакаси ташкил этилди. 1903 йилда маҳаллий халқлардан бири — гереролар босқинчиларга қарши исён кўтарди, бир йилдан сўнг уларга нама элати ҳам қўшилди. Исённи бостириш чоғида германиялик мустамлакачилар герероларнинг 50–80 фоизини қириб ташлади. Тарихчилар Германия ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини янги тарихдаги энг биринчи геноцид деб баҳолайди.
Изоҳ (0)